Brusellyoz kasalligi profilaktikasi

Бруцеллёз қишлоқ хўжалик ва уй ҳайвонлари ўртасида кенг тарқалган касаллик ҳисобланади. Бу касаллик билан одам ҳам касалланади. Одамларда хасталик кўпроқ сурункали кечади ва беморни узоқ муддатга иш қобилиятини йўқотишга ва хатто ногиронликка олиб келади.

1886 йилда касаллик қўзғатувчисини биринчи марта топган киши Брюс шарафига хасталик бруцеллёз номи билан атала бошланган.

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг (ЖССТ) Ҳалқаро бактериология бўйича номенклатурасининг қўмитаси бруцеллаларни 6 хилга,          17 биотипга (биоварга) ажратган.

Бруцелла мелитензис-майда шохли ҳайвонларда, бруцелла абортус-йирик шохли ҳайвонларда, бруцелла-овис-зотдор қўчқорларда, бруцелла суис – чўчқаларда, бруцелла неотома эса қуруқликда яшовчи каламушларда касалликни қўзғатади.

Ҳар бир турдаги бруцелланинг ўзига хос манбаи бўлади. Масалан, йирик шохли ҳайвонлар бруцелла абортуснинг асосий манбаи ҳисобланади. Бруцелла мелитензиснинг асосий манбаи майда шохли ҳайвонлардир. Улар йирик шохли ҳайвонларда ҳам учраб туради. Бруцелла суиснинг аксари манбаи чўчқалардир. Бруцелла канис кўпроқ ишларда, бруцелла неотома эса каламуш ва сичқонлар орасида тарқалган. Майда ва йирик шохли ҳайвонлар биргаликда сақланган ҳолларда, умумий ва шахсий хўжаликларда абортус учраши мумкин ва аксарияти бу ҳолларда, умумий ва шахсий хўжаликларда абортус учраши мумкин ва аксарият бу ҳолларда бруцелла мелитензис майда шохли ҳайвонлардан йирик шохли ҳайвонларга миграция қилади.

Республикамизда чорвачилик кенг ривожланган. Бу ҳайвонлар бруцеллаларга ўта сезувчан ҳисобланади. Маълумки, бруцеллезга ҳамма қишлоқ хўжалик ҳайвонлари сезгир. Касалликнинг юқишида майда шохли ҳайвонларнинг аҳамияти катта. Бруцеллезга чалинган ҳайвонлар ўз вақтида соғлом ҳайвонлардан ажратилмаса, касаллик кўпайишига замин яратилади. Шунингдек касаллик кўпчилик фермер, бўрдоқичилик ва шахсий хўжаликларда, майда ва йирик шохли ҳайвонлар биргаликда сақланганда ҳам осонгина юқади. Бундай шароитларда инфекция майда шохли ҳайвонларда йирик шохли ҳайвонларга юқиб, охир-оқибат фермер хўжалиги ходимлари, сут соғувчилар, чўпонлар, тракторчилар ва бошқа ходимларнинг касалланишига сабаб бўлади.

Майда шохли ҳайвонлар ўчоғи эпидемиологик жихатдан, кишиларга катта хавф туғдиради. Бунда асосан қўй ва эчкилар касаллик манбаи бўлиб ҳисобланади.

Ҳайвонлардан бруцеллалар ташқи мухитга сўлак, сут, қон, жинсий аъзолар, суюқлиги, плацента ва чала туғилган қўзичоқ, бузоқ орқали ажралади ва теварак атрофни ифлослантиради. Майда шохли ҳайвонлар ўчоғида касаллик асосан хизматчиларга ҳайвонларни боқишда ва парвариш қилиш натижасида юқади, касаллик шунингдек хазм аъзолари орқали ва мулоқат йўли орқали юқади.

Бруцеллёзнинг ўткир тури майда шохли ҳайвонлар ўчоғида касалликнинг яширин даври 3 дан 6 хафтагача давом этади. Касаллик аста-секин (50%), баъзан ўткир (38,5%) ва камдан-кам ҳолларда билинар-билинмас (11,5%) даражада бошланади. Кўпинча хасталик 30 кунгача, гоҳо эса 2 ойгача давом этади. Беморларда ҳароратнинг кўтарилиши, эт увишиши, асабийлашиш (20,5%) ва мушакларда оғриқ (23,9%) туриши кузатилади. Шунингдек, тери ва ташқи шиллиқ, парда рангининг оқариши ва камқонлик ҳароратнинг ошиб кетиши, тилни оқ караш қоплаши ҳам кўрилади. Касалликка хос белгилардан бири юқори ҳарорат бўлиб, у кўпинча тўлқинсимон (37%), фебрил ҳолда (20%), турғун (15%), ўзгарувчан (18,3%) ва субфебрил (2,9%) даражада бўлади. Одатда ҳарорат 7-12 кун пасаймайди. Ички аъзоларда тегишли ўзгаришлар кузатилиши мумкин.

Касалликнинг ярим ўткир, турида юқоридаги клиник белгилардан ташқари ретикуло-эндотелиал тизимида, периферик лимфа безларнинг катталашиши, жигар ва талоқнинг шиши рўй беради. Харакат ва таянч аъзоларда артралгия, оёқнинг йирик бўғимларида оғриқ сезилиши, қўл бўғимларида артрит белгилари, миозитлар (10%) ва бўғимлар ҳаракатининг чекланиши кузатилади.

Асаб тизимида уйқусизлик, бош оғриши, ишиорадикулитлар, радикулитлар, неврит ва плекситлар учрайди. Жинсий ва таносил аъзоларида орхит, орхоэпидидимит, хайз кўришнинг бузилиши, бола тушиши ва муддатидан илгари туғиш ҳоллари рўй беради.

Касалликнинг асосий манбаини ҳисобга олган ҳолда, профилактика чора-тадбирлари бир неча қисмдан иборат. Касалликка қарши эпизоотик, эпидемиологик, умумий санитария чора-тадбирлари касалликнинг салмоғини ва қайси минтақада тарқалишини ҳисобга олган ҳолда олиб борилади.

Эпизоотик чора-тадбирлар деганда хўжаликда турли хил қишлоқ хўжалик ҳайвонларини бруцеллез бор-йўқлигига лаборатория текширувидан ўтказиш ва ҳисобга олиш тушунилади. Бу ишлар умумий ва шахсий хўжаликларда бир хил олиб борилиши керак.

Ветеринария хизматининг асосий вазифаларидан бири-текшириш натижасида топилган мусбат серонатижа берган ҳайвонларни дархол хўжаликдан ажратиш, кейин эса уларни гўштга топширишдир. Бруцеллезга нисбатан лаборатория манфий натижа берган ҳайвонлар орасида махсус чоралар ўтказиш, яъни уларни бруцеллезга қарши эмлаш лозим.

Эпидемиологик чора-тадбирлар эпизоотик ҳолатни ҳисобга олган ҳолда режалаштирилади. Касаллик манбаини ўз вақтида аниқлаш ва касал бўлган ҳайвонларни ажратиб қўйиш, хўжалик ишчи ходимлари орасида профилактик чоралар кўриш, мабодо касаллик аниқланса, уларни дархол текшириш ва тегишли даво тайинлаш шулар қаторига киради. Тиббиёт ва ветеринария ходимлари орасида ўзаро ахборот беришни йўлга қўйиш, эпизоотик ва эпидемиологик назоратни кучайтириш, бемор аниқланган оила аъзоларини, шахсий хўжаликлар, фермер хўжаликлари ва ҳайвонлар махсулотлари билан қайта ишлайдиган корхоналарнинг ишчиларини бруцеллёз бор-йўқлигига текшириш каби чоралар талаб қилинади.

Касалликни олдини олишда хом сут ва сут махсулотларини истеъмол қилмаслик, овқат тайёрлш жараёнида гўшт маҳсулотларига етарлича термик ишлов бериш ҳамда ҳайвон териси ва жунига ишлов беришда зарур технологик қоидаларга риоя этиш талаб қилинади.